rasmОвқатланиш – организмнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш, саломатлик ва иш қобилиятини сақлаб туриш учун зарур озиқ моддаларни ўзлаштириш жараёнидир. Овқат организм учун энергия манбаи бўлиб, у туфайли мускуллар фаолияти, шунингдек, узлуксиз янгиланиб турадиган тўқималар учун зарур моддалар тушиб туриши амалга ошади.

Овқатнинг сифатли, тўла-тўкис ва хилма-хил бўлиши организмнинг  ўсиши ва ривожланишида  муҳим роль ўйнайди. Одамнинг озиқ моддалар ва  энергияга бўлган эҳтиёжи унинг ёши, жинси ҳамда меҳнат тарзига қараб ҳар хил бўлади. Болалар ва ўсмирларнинг овқатига бўлган талаб уларнинг эҳтиёжига монанд миқдор ва сифатга эга бўлиши лозим.

Оқсиллар овқатнинг энг муҳим таркибий қисмидир. Овқатда оқсиллар етишмаса, организм юқумли касалликларга кўпроқ мойил бўлиб қолади, қон яратилиши  сусаяди, ўсиб келаётган организм ривожланиши секинлашади, нерв системаси, жигар ва бошқа аъзолар фаолияти бузилади, оғир касалликлардан кейин ҳужайраларнинг тикланиши қийинлашади, шунингдек, рационда оқсилларнинг ортиқча бўлиши ҳам организмга зиён.

Ўсимлик маҳсулотлари – дон, дуккаклилар, картошка ва бошқалар организмни оқсиллар билан таъминлаб турадиган қимматли ва муҳим манбадир. Оқсилнинг фақат миқдори эмас, балки сифати ҳам аҳамиятга эга. Гўшт, балиқ, тухум, сут ва сут маҳсулотлари оқсили анча тўйимли.

Ёғлар организмни энергия билан таъминлаб турадиган таёр ёнилғи материалидир; улар организм томонидан оқсиллар, баъзи минерал тузлар, шунингдек, ёғда эрийдиган витаминларнинг  нормал ўзлаштирилиб бориши, иммунитетни ростлаш, моддалар алмашинувининг меъёрида кечиши учун ҳам зарурдир. Овқат рационида ёғларнинг бўлиши таомнинг мазасин яхшилайди ва иштаҳани очади. Болалар яхши улғайиши учун ўсимлик ёғлари айниқса фойдали, лекин уни меъёридан ортиғи ҳам зарарли.

Овқат билан бирга қабул қилинадиган ёғлар, организмда қисман ёғ заҳираси ҳосил қилишга сарфланади. Ёғларга бўлган эҳтиёжнинг қондириши  ёғнинг тури ва сифатига  боғлиқ. Ҳайвон ва ўсимлик ёғлари бир-бирининг ўрнини боса олади. Овқат рационидаги ёғлар меъёри одамларнинг ёши, меҳнат фаолияти ва иқлимий ҳусусиятларга қараб белгиланади. Овқат рационига кирадиган ёғларнинг сифат таркиби маълум аҳамиятга эга. Овқатга ҳар хил ҳайвон, парранда ва балиқ ёғи, шунингдек, ўсимлик мойи қўшиш фойдали.

Углеводлар. Нормал ҳаёт фаолияти учун зарур энергиянинг ярмидан кўпроғини одам организми углеводлардан олади, у айниқса мускуллар фаолияти учун муҳим. Углеводлар  ҳужайра ва тўқималар таркибига кириб моддалар алмашинувида иштирок этади, ёғларни оксидлайди. Улар асосан ўсимликлардан олинадиган маҳсулотларда бўлади. Нерв тизими, юрак, жигар ва бошқа аъзолар фаолиятида углеводлар муҳим роль ўйнайди.

Углеводлар сабзавот ва меваларда, шунингдек, сутда қанд ҳолида, ёрмалар, макарон ва картошкаларда крахмал ҳолида бўлади. Болалар овқатида углеводлар ёғлар ва оқсилларга нисбатан  кўпроқ бўлиши талаб этилади. Лекин унинг меъёридан ортиғи ҳам турли нохушликларга, жумладан организмнинг инфекцион касалликларга нисбатан қаршилигини сусайишига, аллергик ҳолатларга, энг асосийси, семириб кетишга сабаб бўлади.

Янгилигида хомлигича ейиладиган сабзавот ва мевалар  жуда фойдали, шунингдек, уларда пектин моддалар ҳам бор. Бу моддалар углеводлар тоифасидан бўлиб, озиқли қимматга эга. Уларнинг овқат ҳазм бўлишидаги асосий аҳамияти перистальтикани кучайтириб, ичакнинг яхшироқ бўшалиб туришига ёрдам беради.

Минерал моддалар организмдаги барча тўқималар таркибига кириб, моддалар алмашинувининг барча жараёнларида иштирок этади. Болалар хилма-хил овқатлар истеъмол қилса, тузларга бўлган эҳтиёжи тўла-тўкис қондирилиб борилади. Бундай тузлар орасида ош тузи муҳим ўрин тутади. Қон ва тўқималарда нормал миқдорда суюқлик сақлаб туриш  учун ош тузи бўлиши шарт, у сийдик ажралиб чиқишига, нерв тизими фаолиятига, қон айланишига таъсир қилади, меъда безларида хлорид кислота ҳосил бўлишида иштирок этади.  Ўсиб келаётган организм учун калий, кальций, фосфор, темир ва бошқа минерал моддалар ҳам маълум миқдорда талаб этилади. Улар сут ва сут маҳсулотларида, тухум сариғи, ёнғоқ, дуккаклилар, гўшт, мева ва сабзавотларда мўл бўлади.

Витаминлар рационнинг жуда муҳим ва ўрнини босиб бўлмайдиган таркибий қисмидир. Улар организмнинг нормал ҳаёт фаолиятини таъминлаб туради, бошқа озиқ  моддаларнинг ўзлаштирилиши жараёнида иштирок этади. организмнинг ташқи муҳитдаги турли зарарли таъсиротларга кўрсатадиган қаршилигини кучайтиради, одамнинг меҳнат қобилиятини оширади. Организмда витаминларнинг етишмаслиги оғир касалликларга сабаб бўлади.

Рационда  таркиби хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотларининг бўлиши ва овқатнинг тўғри пиширилиши витаминларни сақлаб қолишга имкон беради. Мева ва сабзавотлар витаминларга жуда бой бўлиб, уларни янгилигида ейиш айниқса фойдали. Болаларда овқат таркибида витаминлар камайганида болалар овқатига маҳсус таёрланган витаминли маҳсулотлар — наъматак ва бошқа мева шарбатларини қўшиб бериш анча самарали. Ўзбошимчалик билан болаларга турли витаминларни бериш  жиддий асоратларга олиб келади.

Болалар, айниқса ўсмирлар овқатланиш тартибига (иложи борича 4 маҳал) риоя этиш  талаб этилади. Уларнинг ўз вақтида овқатланмай оч-наҳор юриши жиддий касалликларга сабаб бўлади. Уларнинг овқатидан атрофдаги катталар доимо бохабар бўлиб туриши зарур, чунки бола ўйин ёки дарс билан бўлиб вақтида овқатланмай қўяди — бу организмнинг соғлом бўлишига путур етказади. Шу боис болаларни ёшлигиданоқ ўз вақтида тўғри, тўла-тўкис ва тўйимли овқатланишга одатлантириш керак.

 

Author

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *