Бу ҳақида кўп бора гапирилган бўлсада, мавзу ҳамон қизғин муҳокамалар марказида. Кўпчилик компьютер монитори ёки телевизор экрани олдида кўп ўтириш кўриш қобилиятини пасайтириб, миопия (узоқни кўра олмаслик касаллиги)ни ривожлантиради деган фикрда. Мазкур фикр қай даражада тўғри? Бу ҳақида шифокор-офтальмолог, Россия ва МДҲдаги “Johnson & Johnson Vision Care” компанияси тиббий маслаҳатчиси, офтальмология кафедраси мудири Ирина Лещенко кенгроқ маълумот беради.
1. Монитор катта ёшлиларнинг кўриш қобилиятига зарар етказмайди
Катта одамлар экранга узоқ вақт тикилиб ўтирса ҳам, уларда миопия касаллиги ривожланмайди. Бироқ бу ерда эътибор қаратиш зарур бўлган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Яқин масофада узоқ вақт ишлаш компьютердан чиқаётган ёқимсиз нур, бўйинга оғирлик тушиши, тоза ҳаводан баҳраманд бўла олмаслик каби ноқулайликларга олиб келади. Яна бир қизиқарли ҳолат: миопиянинг ривожланиши инсоннинг шу касалликка бўлган генетик мойиллигига боғлиқ. Узоқни кўра олмаслик кўпинча болаликда ривожланади.
2. Комьютерда узоқ вақт ишлаш болалар ва ўсмирларнинг миопияга чалиниш хавфини оширади
Кўз организмдаги бошқа аъзолар каби болаликдан ўсиб, шаклланиб боради. Бу ҳолат 18-20 ёшгача давом этади. Ундан кейин узоқни кўра олмаслик ривожланмайди. Кўз олмасининг меъёрий ўлчами 24мм. У ҳатто ярим миллиметрга катта бўлса ҳам, бундай кўз узоқни кўра олмасликка чалинган ҳисобланилади. Замонавий болалар компьютер билан яқиндан танишиб, ўртоқлашиб олишган. Болаларнинг бу тарзда компьютерга яқинлиги кўз олмалари меъёрдан кўра тез ривожланиши, ўсиши, катталишига хизмат қилади. Нега бундай бўлиши ҳали изоҳланган эмас. Меъёрдан ошиқ ўсиш назарияси яқин масофадаги нарсани кўришга йўналгани аниқ. Ўн ёшгача бўлган болалар экранга 10-15 дақиқадан кўп қараши мумкин эмас. Ўсмир болалар эса 2-3 соатдан ошиқ компьютер қаршисида вақт ўтказмаслиги тавсия этилади.
3. Компьютер қаршисида ишлаётганда профилактика ҳақида ўйлаш жуда муҳим
Бу қоида нафақат болалар, балки ёши катталарга ҳам тааллуқли. Йироқ манзилларга тикилганда кўзлар бўшашади. Яқин масофага масалан, китобга, мониторга қараганда эса кўз таранглашади. Демак ҳар 20 дақиқада кўзга дам бериб туриш керак. Дафтар ёки монитордан кўзни узиб, жилла қурса 20 сония узоқларга қараш лозим. Пайти-пайти билан чигил ёзди қилиб, тоза ҳавога чиқиб келиш янада яхши.Экранга қуйидан тепага қараш мумкин эмас, монитор кўздан бироз пастда жойлашиши керак. Монитор қўл узатганда тегадиган масофада, яъни 60-70 см. узоқликда бўлиши лозим. Столда эса сувли стакан турсин. Кун давомида 2 литрдан кам бўлмаган сув ичиш фойдали. Бу кўзни тез-тез очиб юмиш ва кўзнинг қуруқлашиб кетмаслигига хизмат қилади.
4. Сабзи, кўз учун машқлар ва кўзойнак узоқни кўра олмасликни даволамайди
Кўзойнак ва линзалар фақат кўриш қобилиятини тўғирлайди. Улар узоқни кўра олмасларга аниқ кўриш, ортиқча диоптрияни олиб ташлашга йўналтирилган. Улар миопия ривожланишини тўхтатади, бироқ кўзни даволамайди. Линзалар билан ишлаш бироз мушкул. Уларни фақат тоза ва қуруқ қўллар билан олиш ва кечаси ечиб қўйиш керак. Кўз учун машқлар ҳам кўриш қобилиятини тикламайди. Албатта, кўз гимнастикасини қилиш ёмон эмас. У чарчаган кўзларнинг дам олишини таъминлайди.
Черника ва сабзи истеъмол қилиш ўткир кўзларни қайтармайди. Уларнинг таркибида кўриш жараёни учун зарур элементлар бор. Бироқ черника ва сабзи А витаминининг ягона манбаи эмас. Бундан бошқа маҳсулотлар ҳам мавжуд.
5. Кўриш қобилиятини қандай тиклаш мумкин
Лазер усули чиндан ҳам кўриш қобилиятини тиклайди. Ёшларда одатда кўзнинг мугуз пардаси (кўзнинг энг устки тиниқ пардаси) шакли ва қалинлиги ўзгартирилади. Кексаларда эса кўз гавҳари алмаштирилади. Бу операциялар хавфсиз ҳисобланилади. Яна шу нарсага эътибор қаратиш лозимки, ёш қизларни операция қилиш тавсия қилинмайди. Боиси уларда ҳомиладорлик жараёнида барча аъзолар каби кўзга ҳам оғирлик тушади. Шунинг учун кўриш қобилиятини тиклаш операциялари туғуруқдан кейинга қолдирилгани маъқул.“The Village” материали асосида тайёрланди.